Янги адабиётлар

  • Кузги буғдой ва ғўза етиштириш асослари
  • Асаларичиликни ривожлантириш асослари
  • Захарли газандалар
  • Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини урчитиш ва кўпайтириш
  • Лимончиликнинг ўзига хос синоатлари

Хабарлар

Тошкентда “Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди

Сана: 08.09.2017

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Жануб-жануб ҳамкорлиги бошқармаси, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (IFAD), Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда 2017 йилнинг 5-7 сентябрь кунлари мева-сабзавотчиликни ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон тажрибаси билан ўртоқлашиш ҳамда иштирокчи давлатлар ўртасида ҳам ўзаро тажриба алмашиш мақсадида халқаро семинар ташкил этилди. Унда БМТнинг Жануб-жануб ҳамкорлиги бошқармаси, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (IFAD), Ислом тараққиёт банки масъул ходимлари, Венгрия, Марокаш, Судан, Туркия, Тунис, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, соҳанинг етакчи мутахассис ва олимлари, шунингдек, Ўзбекистондаги халқаро ҳамда хорижий ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққанлар Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ мамлакат қишлоқ ва сув хўжалигини барқарор ривожлантириш стратегияси белгиланиб, бу борада амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида қисқа муддатда соҳада эътиборга молик натижаларга эришилганлиги, жумладан, аҳолининг мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ички имкониятлар ҳисобидан қопланиши баробарида, уларни экспорт қилиш салоҳияти ҳам барқарор равишда ошиб бораётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ўсиши ўртача 6–7 фоизни ташкил қилаётганлиги, республика аҳолиси сонининг муттасил ортиб боришига қарамай, аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмининг бир неча баробар кўпайганлиги соҳада ислоҳотлар стратегияси нақадар тўғри танланганлигидан далолат беради.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган қулай шарт-шароит, имтиёз ва имкониятлар ҳамда деҳқону фермерларнинг фидокорона меҳнати туфайли барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ва сифатли ҳосил етиштирилмоқда. Жумладан, 2016 йилда 14 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ва картошка, 2 миллион тоннадан ортиқ полиз маҳсулотлари, 3 миллион тоннадан ортиқ мева, 1,7 миллион тоннадан зиёд узум маҳсулотлари йиғиштириб олинди.

Бугунги кунда Ўзбекистондан 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилинаётир.

Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг 2015 йил июнь ойида Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтган 39-конференциясида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришганлиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ютуқлари учун мукофотланган 14 давлатдан бири бўлгани ҳам бежиз эмас.

Республикада озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобигагина эмас, балки жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий ва интенсив агротехнологиялар татбиқ қилинаётгани, истиқболли навлар яратилиб, амалиётга жорий қилинаётгани туфайли мустаҳкамланаётир. Академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олим ҳамда мутахассислари томонидан мева ва узумнинг 40 дан ортиқ серҳосил нави яратилиб, Давлат реестрига киритилди. Олма, нок, беҳи, шафтоли, ўрик, гилос, бодом, ёнғоқ, қорағат ҳамда қулупнайнинг кўплаб навлари Ўзбекистон Республикасида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритиш ва районлаштириш учун тақдим этилди.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари томонидан ҳар хил муддатда пишадиган ҳосилдор, юқори сифатли ҳамда касалликларга чидамли сабзавот экинларининг 41, полизнинг
5 та, картошканинг 6 та янги нави яратилди.

Дунёнинг кўпгина давлатлари ҳавас билан қарайдиган бу ютуқлар замирида Юртбошимиз томонидан республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ички имкониятлар ҳисобига барқарор таъминлаш, шу билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганлиги мужассамдир.

Истиқболда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Умуман олганда, экин майдонларининг оптималлаштирилиши ва замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши натижасида 2020 йилда 2015 йилга нисбатан картошка етиштиришни 35 фоизга, сабзавотни 30 фоизга, мева ва узумни 21,5 фоиз оширишга эришилади.

Кейинги йилларда янги боғлар, шу жумладан, пакана ва ярим пакана (интенсив) мевали боғларни барпо этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Чунки пакана ва ярим пакана пайвандтагларга уланган мевали дарахтлар кўчатлари тез ҳосилга кириши ҳамда майдон бирлиги ҳисобидан юқори ҳосил бериши билан ажралиб туради.

Мустақиллик йилларида боғ-токзорлар, сабзавот, полиз ва картошка экин майдонларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, агротехник тадбирларини ўз вақтида ўтказиш ва юқори сифатли кўчатлар ва уруғлар навларини экиш ҳисобига ҳосилдорлик 2016 йилда 1991 йилга нисбатан боғдорчиликда қарийб 5,3 баробарга, узумчиликда 3,2 баробарга, сабзавотчиликда 3,8 баробарга, полизчиликда 2,4 баробарга ва картошкачиликда 9,3 баробарга ошди.

Етиштирилган маҳсулотни сифатли сақлаш ва бозорларимизга узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016 йилда 138 минг 195 тонна сиғимга эга бўлган 345 та янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Бунинг натижасида мева-сабзавот маҳсулотларни сақлаш, бозорларимизда нархнинг бир меъёрда бўлишида муҳим ўрин тутмоқда.

Ҳозирги кунда экин майдонлари оптималлаштирилиб, ҳосилдорликни оширишга эътибор қаратилмоқда. Янги боғ ва токзорлар барпо этилиб, уларга селекционер олимларимиз яратган ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлар экилмоқда.

Экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги ҳамда хуштаъмлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли даражада юқори туради.

Республика аҳолисини арзон, сифатли, экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотлари билан янада тўлиқ таъминлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, етиштирилган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш бўйича мамлакатимизда катта салоҳият мавжуд бўлиб, амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар ана шу салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш имконини беради.

Семинарда Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик соҳасида тўпланган тажрибалар, сабзавот-полиз маҳсулотларининг истеъмол сифатлари ва ўзига хос хусусиятлари, мева ва узумларнинг рақобатбардошлик жиҳатларига бағишланган кўплаб мавзуларда маърузалар тингланди.

 Қўшимчa мaълумoт учун:

• Oлим Нoрбeкoв, Ўзбeкистoн Рeспубликaси Қишлoқ вa сув xўжaлиги вaзирлиги Maтбуoт кoтиби, + 99897-470-02-33 matbuot@agro.uz

• Бoбир Koмилoв, БMT Axбoрoт мaркaзи рaҳбaри bobir.komilov@undp.org

• Сaфo Ҳaбиб, Aрaб дaвлaтлaри қишлoқ xўжaлигини ривoжлaнтириш бўйичa мaслaҳaтчиси, Aрaб дaвлaтлaри, Eврoпa вa MДҲ бўлими, UNOSSC, +2 010 0607 7761 - safaa.habib@undp.org

 

Жaнуб-жaнуб ҳaмкoрлик бошқармаси тўғрисидa кўпрoқ мaҳлумoт oлиш учун: http://unsouthsouth.org

Манба: www.agriculture.uz

Қидирув

Эълон

Публикациялар



Flag Counter

Ишчи гуруҳ | Сайт харитаси | Алоқа | CACAARI | ТошДАУ