Янги адабиётлар

Хабарлар

Ҳудудларда мева-сабзавотчилик тармоғи кластер ва кооперация тизимига ўтказилиши имкониятлари таҳлил қилинмоқда

Сана: 14.12.2019

Бугун Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш соҳасида 2019 йил декабрь – 2020 йил март ойларида амалга ошириладиган чора-тадбирларга бағишланган семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.

Семинарда мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, боғ, токзор ва иссиқхоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйишга доир масалалар муҳокама этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича Ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда бу борада қайта ишлаш, экспортёр корхоналарнинг муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш чораларини кўриш каби бир қатор масалаларда семинарлар, турли учрашувлар ташкил этилиши, соҳада ишни тизимли йўлга қўйиш, айниқса, мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришда самарали бозор механизмларини жорий этиш, тармоқнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдалиш, кластер ва кооперация тизимини ривожлантиришнинг янги механизмларини ташкил этиш орқали аҳоли даромадларини ошириш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтиришга эришилишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, бугунги кунда республикамизда 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Мамлакатимизда ҳар йили 21 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Бироқ, уларнинг бор-йўғи 1,5 миллион тоннаси экспорт қилинади. Маҳсулотни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича 31 та агрологистика маркази ташкил этилган. Лекин айланма маблағлар етишмаслиги ва доимий маҳсулот йўқлиги оқибатида уларнинг аксарияти мавсумий ишлаб, мавжуд қувватлардан бор-йўғи 10-15 фоиз фойдаланмоқда.

Тармоқда маҳсулот етиштиришдан тортиб, қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришгача бўлган жараёнлар муаммолардан холи эмас. Бу борада муайян ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, мамлакатимиз бўйича жами 41 та мева-сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилди. Келгуси йилда 31 та, 2021 йилда эса 100 та қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилиши чоралари кўрилмоқда.

Семинарда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда жойларда кластер ташаббускорлари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича амалий семинарлар ўтказилиши маълум қилинди.

Йиғилишда соҳа мутасаддилари, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, қайта ишловчи ва экспортёр корхоналар раҳбарлари соҳада учраётган муаммолар, уларни бартараф этиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Манба: www.agro.uz

Қидирув

Эълон

Публикациялар



Flag Counter

Ишчи гуруҳ | Сайт харитаси | Алоқа | CACAARI | ТошДАУ