Янги адабиётлар

Хабарлар

Қишлоқ хўжалигида ахборот-маслаҳат маркази (extension center) очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Сана: 28.12.2019

Республикамизда илм-фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг янада кенг интеграциясини таъминлаш, янги билимларни яратиш ва кўллаш, инновацион технологияларни, илғор хорижий ва маҳаллий тажрибаларни тарғиб қилиш ва жорий этиш ҳамда соҳа учун мутахассисларни тайёрлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2019 йил 28 декабр куни Тошкент давлат аграр университетида қишлоқ хўжалигида ахборот-маслаҳат маркази (extension center) очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ривожланган хорижий мамлакатлар ҳозирги пайтда ахборот-маслаҳат хизматининг ролини кўриб чиқишда америкача  «extension» тушунчасидан фойдаланишади (инглиз тилидан  extension – янгиликларни  кенгайтириш, тарқатиш). Улар учун  «extension» нинг мақсади қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини оширишга, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш давлат сиёсатининг замонавий ва илмий асосланган ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланиш борасида қишлоқ ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш йўли билан эришиладиган асосий вазифасига ёрдам беришдан иборат.

Ахборот маслаҳат марказалари Европа Иттифоқи учун ҳозирги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки, аҳоли сонининг ўсиши, иқлим ўзгариши ва бошқа сабабларга кўра озиқ-овқат таъминотида айрим муаммолар юзага келмоқда. Бу муаммоларни бартараф этишда қишлоқ хўжалигида инновациялардан кенгроқ фойдаланиш бевосита ахборот маслаҳат марказаларининг ролини оширмоқда.

АҚШда қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича билимларни тарқатиш хизмати 1862 йилда шакллана бошлаган, айнан шу пайт қишлоқ хўжалиги таълими ва фанини ташкил этиш ва билимларни фермерлар ўртасида тарқатиш тўғрисида Қонун қабул қилинган. Ушбу Қонунга мувофиқ, мазкур функциялар штатларнинг қишлоқ хўжалиги коллежларига юклатилган. Федерал даражада билимларни тарқатиш хизмати 1914 йилда яратила бошланган, айнан шу пайт уни яратиш тўғрисидаги Смит-Левер қонуни қабул қилинган.

Ҳозирги кунда билимларни тарқатиш хизмати “extension” (АҚШда ушбу атама, фермерлар олдида турган муайян ишлаб чиқариш муаммоларини ечишга қаратилган бўлиб, фермер­ларни мақсадли ўқитишнинг махсус турини билдиради) ташки­лий жиҳатдан билимларни тарқатишнинг давлат кооператив хиз­мати АҚШнинг қишлоқ хўжалиги Вазирлиги таркибида бўлиб федерал даражада ва университетлар ҳамда округлар “extension” хизматларини ўз ичига олган штатлар бирлашган тизимларини ўзаро бирлаштиради.

Жанубий Корея давлатининг қишлоқ хўжалиги билимларини тарқатиш (еxtension) тизими қишлоқ ҳудуларини ривожлантиришга ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Администрацияси (RDA)нинг ҳудудий марказлари 9та вилоятни ўз ичига олади, уларда 42та тажриба станцияси, 156та туман агротехнология марказлари фаолият кўрсатади.

Бу ташкилотларнинг мақсади қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун илмий тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижалари бўйича агротехнологияларни таркатиш, яъни қишлоқ хўжалиги билимларини ишлаб чиқаришга жорий этиш.

Данияда қишлоқ хўжалиги ахборот-маслаҳат хизматини шаклланиши ва ривожланиши 1870-1890 йилларга тўғри келади. У даниялик фермерлар Уюшмаси томонидан даниялик оилавий фермерлар Ассоциацияси билан биргаликда ташкил этилган қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатади ва бошқарилади. Хизмат 90 фоизга фермерлар томонидан, аъзолик бадаллари ва шахсий маслаҳат хизматларининг муайян турлари учун тўлов кўри­нишида ва 10 фоизга давлат томонидан молиялаштирилади.

Голландия қишлоқ хўжалиги маслаҳати давлат тизими 1876 йилдан бошлаб давлат қишлоқ хўжалиги олий мактаби ва унинг тажриба станцияси негизида шакллана бошланган (Вагенинген ш.). Ушбу мактаб ўқитувчилари бир вақтнинг ўзида фермер­ларнинг маслаҳатчилари сифатида ҳам фаолият юритган. Кейинчалик маслаҳат фаолияти мустақил иш турига айланган ва хозирда давлат ташкилоти мавқеига эга. Голландия қишлоқ хўжалиги сиёсатининг муваффақияти кўп жиҳатлари билан таълим, тадқиқот ва жорий қилиш маса­лалари Голландия қишлоқ ва балиқ хўжалиги ҳамда атроф-муҳит вазирлиги ваколатида бўлганлиги билан боғлиқ. Вазир­лик тузилмасида миллий маслаҳат марказлари (DLV) мавжуд бўлиб, улар бевосита фермерлар билан ишлайдиган таълим ходимларига ва жорий қилиш ташкилотлари масла­ҳатчиларига (JКС) ахборот кўмагини берадилар. Бевосита фер­мерлар билан билимларни биринчи даражали жорий қилиш ташкилотлари ишлайдилар: қишлоқ хўжалигида жорий қилиш хизмати (Agricultural Extension Service, DLV), фермерлик ташкилот­ларининг ижти­моий-иқтисодий маслаҳат хизматлари ҳамда хизмат кўрсатувчи ва қайта ишловчи фирмалар маслаҳат­чилари, айрим мутахас­сислар (ҳисобчилар, банк ишчилари, ветеринарлар ва б).

Германия қишлоқ хўжалиги маслаҳат бериш хизмати тузилмаси давлат, ярим давлат (қишлоқ хўжалиги палаталари) хизматларини ва хусусий бюро ҳамда бирлашмаларни ўз ичига олади. Давлат хизмати 1950 йилда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон федерал вазирлиги таркибида ташкил топган. Бу махсус бошқарма бўлиб, қишлоқ хўжалигидаги маслаҳат хизматини кўрсатиш ва таълим масалалари бўйича умумий бошқарувни амалга оширади.

Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида ахборот-маслаҳат марказларини ташкил этиш натижасида илм, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси амалга оширилади.

Марказ фаолиятининг асосий максади қишлоқ хўжалиги билимларини тарғиб қилиш ва жорий этишдир.

Марказнинг асосий йўналишлари этиб:

қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларга ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ишланмалар ва илғор тажрибани ўзлаштириш ҳамда жорий этишда қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ишланмалар ва илғор тажрибани ўргатиш мақсадида семинар, тренинг, дала кунлари ўтказиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган илмий-тадқиқот  муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришга жорий қилиш учун тайёр илмий ишланмалар тўғрисида маълумотлар базасини яратиш.

Қишлоқ хўжалигида ахборот-маслаҳат маркази (extension center) очилишига бағишланган тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, Корея Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш администрацияси KOPIA маркази вакиллари, Тошкент давлат аграр университети ҳамда фермерлар қатнашдилар.

Манба: www.agriculture.uz

Қидирув

Эълон

Публикациялар



Flag Counter

Ишчи гуруҳ | Сайт харитаси | Алоқа | CACAARI | ТошДАУ